ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

НОДАВЛАТ ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 5 сентябрдаги ПҚ-3931-сон қарори ижросини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасида таълим хизматларини кўрсатиш бўйича нодавлат секторнинг салмоғини кенгайтириш борасида тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг (кейинги ўринларда Давлат инспекцияси деб аталади) нодавлат таълим ташкилотларига амалий ёрдам кўрсатиш орқали уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш, нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ жараёнларни аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим ташкилотида таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжатларнинг ягона шаклини тасдиқлаш ва уларнинг қатъий ҳисобини юритиб бориш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Давлат инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 октябрга қадар нодавлат таълим ташкилотлари, уларнинг таълим олувчилари, педагоглари ва таълим-тарбия жараёни тўғрисидаги ишончли маълумотларни ўз ичига оладиган «Нодавлат таълимни бошқариш ахборот тизими»ни (кейинги ўринларда ахборот тизими деб аталади) яратсин ва амалиётга жорий этсин.

3. Нодавлат умумтаълим ташкилотининг намунавий устави 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Амалда фаолият юритаётган нодавлат умумтаълим ташкилотларига ўз уставларини икки ой муддатда Нодавлат умумтаълим ташкилотининг намунавий уставига мувофиқлаштириш чораларини кўриш тавсия этилсин.

5. Белгилаб қўйилсинки:

а) 2020 йил 1 октябрдан бошлаб:

нодавлат таълим ташкилотлари лицензия олганларидан кейинги лицензия талаблари ва шартларидан бири — нодавлат таълим ташкилоти, унинг таълим олувчилари, педагоглари ва таълим-тарбия жараёни тўғрисидаги ишончли маълумотни ахборот тизимига киритиш учун Давлат инспекциясига ёзма ёки электрон шаклда тақдим этиш ҳисобланади;

ахборот тизимида нодавлат таълим ташкилоти, унинг таълим олувчилари, педагоглари ва таълим-тарбия жараёни тўғрисидаги ишончли маълумотнинг улар лицензия олган кундан бошлаб ўттиз кун давомида йўқлиги нодавлат таълим ташкилоти лицензиясининг амал қилишини тўхтатиш ёки тугатиш учун асос бўлади;

кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжатлар бланкалари нодавлат таълим ташкилотлари битирувчиларига ахборот тизимига киритилган маълумотлар асосида берилади;

кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжатлар бланкаларини берганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида йиғим жорий этилади;

кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжатлар бланкаларини расмийлаштириб берганлик учун ундириладиган йиғимлардан тушадиган маблағ Давлат инспекциясининг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади;

б) 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб лицензия асосида фаолият кўрсатаётган нодавлат таълим ташкилотлари томонидан кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжат давлат талаблари асосида таълим олган битирувчиларга берилади.

6. Қуйидагилар:

Кадрларни қайта тайёрлаш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисидаги дипломнинг давлат намунаси ва унинг тавсифи 2-иловага мувофиқ;

Кадрлар малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисидаги сертификатнинг давлат намунаси ва унинг тавсифи 3-иловага мувофиқ;

Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжатларни бериш тартиби ҳақидаги низом 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги «Давлат белгиси» давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси Давлат инспекциясининг буюртмасига мувофиқ ҳар йили кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжатлар бланкалари белгиланган тартибда тайёрланишини таъминласин.

Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжатлар бланкаларини тайёрлаш билан боғлиқ харажатлар Давлат инспекциясининг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплансин.

8. Давлат инспекцияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

а) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

ишчи гуруҳлар ташкил этган ҳолда, республика ҳудудларида фаолият юритаётган нодавлат таълим ташкилотларини тўлиқ хатловдан ўтказиш, тегишли лицензия олмасдан фаолият юритаётган нодавлат таълим ташкилотларини қонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишини таъминлаш, нодавлат таълим ташкилотларининг фаолиятини тизимли равишда ўрганиб бориш чораларини кўрсин;

хатлов натижасида аниқланган барча нодавлат таълим ташкилотларини ахборот тизимига киритилишини таъминласин;

нодавлат таълим ташкилотларида меҳнатидан ноқонуний фойдаланиб келинаётган шахслар аниқланганда, уларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ фаолият юритиши ҳамда солиқ тўловчи сифатида эътироф этилиши учун амалий ёрдам кўрсатиш чораларини кўрсин;

б) лицензиясининг амал қилиши тўхтатилган,тугатилган ёки лицензияси бекор қилинган нодавлат таълим ташкилотлари тўғрисидаги маълумотларнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтларда жойлаштириб борилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Давлат инспекцияси билан биргаликда икки ой муддатда:

лицензия асосида таълим хизматлари кўрсатиш, нодавлат таълим ташкилотлари томонидан таълим фаолиятининг давлат таълим стандартлари ва давлат талабларига мувофиқ амалга оширилиши тўғрисида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар ва мавжуд имкониятларни оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритишга доир махсус медиа-режа ишлаб чиқсин;

нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги янгиликларга бағишланган телекўрсатувлар, видеороликлар ва радиоэшиттиришлар тайёрлаш ҳамда уларнинг мунтазам намойиш қилинишини ташкил этсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 5-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

11. Давлат инспекцияси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Н. Ташкенбаев ва Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2019 йил 24 декабрь,

1028-сон